- - http://uzpaxtayog.uz -

Тошкентда Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иш бошлади

«Ўзэкспомарказ» кўргазма павильонларида Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иш бошлади. Мазкур йирик анжуманлар жорий йилнинг 28 июнь куни эълон қилинган “Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ ўтказилмоқда.

Дастлаб ярмарканинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманни доимий ярмарка қўмитасининг раиси, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси бошқаруви раиси Акмал Камалов кириш сўзи билан очди. Ўз маърузасида мамлакатимизда пахта саноати соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, истиқболли лойиҳалар, ҳамкорлик алоқалари ва пахта толасини қайта ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди ҳамда анжмуна ишига муваффақият тилади.  

Шунингдек, анжуманда Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг ижрочи директори Кай Хьюз,  Покистон Ислом Республикаси тўқимачилик вазирлиги котиби Ҳасан Иқбол, ПХКҚнинг экспертлар гуруҳи раиси Алан Вильямс ва бошқалар сўзга чиқди.

Тошкентда иш бошлаган халқаро анжуманда 1700 га яқин хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирок этмоқда. Шунингдек, мазкур тадбирда етакчи мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳасининг ривожланиши, жаҳон пахта бозори тенденциялари, савдо, логистика ва суғурта масалаларига бағишланган 16 га яқин очиқ ва мавзули сессиялар ўтказилади.

Ярмарка доирасида мамлакатимиз енгил саноати салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа хилдаги либослар намойиши режалаштирилган.

«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси Матбуот хизмати